SUD EKSPERT
Нодавлат суд-экспертиза ташкилоти МЧЖ
5-10 кун ичида молия-иқтисодий низоларни ҳал қилишда ёрдам бериш
Профессионал экспертиза
Молия, бухгалтерия ҳисоби ва иқтисод бўйича катта тажрибага эга бўлган малакали суд-иқтисодий экспертлар.
Эксперт хулосалари ва мутахасс фикрларини тайёрлаш
Молиявий маълумотлар ва иқтисодий кўрсаткичларни чуқур таҳлил қилиш асосида аниқ ва холис эксперт хулосаларини, шунингдек, мутахассис фикрларини тақдим этиш.
Муддат ва сифат
Ўз вақтида ва барча норматив талабларга риоя қилган ҳолда эксперт хулосалари ва мутахассис фикрларини тақдим этиш.
Этика ва профессионаллик
Хизматларни кўрсатишда юқори ахлоқ ва профессионаллик стандартларига риоя қилиш.
Ташкилотимиз қуйидаги суд экспертиза турларини ўтказади:
Суд-иқтисодий экспертизаси
Иқтисодиёт соҳасидаги жиноятларни аниқлаш ва
самарали тергов олиб бориш фақат махсус иқтисодий билимлардан фойдаланилган
ҳолда амалга оширилади. Бунда хўжалик юритувчи субъект (корхона)ни нафақат
молиявий хўжалик операциялари, балки ўзида иқтисодий кўрсаткичларини ифодаловчи
бухгалтерия, статистика ва тезкор ҳисоб ҳужжатлари тадқиқ қилиниши керак.
Суд-иқтисодий экспертизаси суриштирувчи,
терговчи, прокурор қарори, судда кўрилаётган ишлари ёки тергов қилинаётган
жиноят ишлари бўйича суднинг ажрими хамда адвокат сўрови асосида ўтказилади.
Суд-иқтисодий экспертизаси иқтисодиёт соҳаси
бўйича махсус билимга эга бўлган, суд-иқтисодий эксперти мутахассислиги бўйича
махсус тайёргарликдан ўтган, судга оид иқтисодчи-эксперти мутахассислиги
малакасига эга бўлган ходимлар томонидан бажарилади.
Суд-иқтисодий экспертизаси турли масалаларни
ҳал этади:
–
корхоналардаги молиялаштиришни тўғрилигини аниқлаш;
–
олинган даромад миқдорини аниқлаш;
– солиқ
солинадиган асосларни аниқлаш;
–
иқтисодий фондларни яратилиш асосларини аниқлаш;
– меҳнат
ҳақини ҳисоблашда меъёрий хужжатларга асосланганликни аниқлаш;
–
ҳисоботларда иқтисодий кўрсаткичларни акс эттирилганлиги каби ҳолатларни
тадқиқ этиш ва бошқалар.
Суд-иқтисодий экспертизасининг турларга бўлиниши
иқтисодий соҳадаги жиноятларга қарши кўрашишда иқтисодий билимлардан ўз ўрнида
самарали фойдаланиш имконини беради. Суд-иқтисодий экспертизасининг бундай
синфланиши тергов ва суд идора ходимларининг иқтисодий жиноятларни очишда
уларга янада чуқурроқ кириб бориш имконини яратади.
Суд-бухгалтерия экспертизаси
Суд-бухгалтерия экспертизаси иқтисодий
экспертизанинг энг кенг тарқалган турларидан бири бўлиб, у корхона (ташкилот),
хўжаликларнинг бухгалтерия ҳужжатларидаги ҳисоб-китоб жараёнларини
(операцияларини) таҳлил қилиниши, давлат, жамоа мулки талон-тарож қилинганлик
ва бошқа хўжалик, мансаб жиноятларини очиш каби
ҳолатларга эҳтиёж туғилганда ўтказилади.
Пул маблағлари, товар моддий захираларни
ҳақиқатда нақд бор-йўқлигини, бухгалтерия ҳисобини юритиш қоидаларини бузилиш
ҳолатларини аниқлаш юзасидан бухгалтерия ҳисоби ҳужжатларининг тадқиқ этиш
суд-бухгалтерия экспертизасининг предмети ҳисобланади.
Суд-бухгалтерия экспертизасининг объектлари
бўлиб, моддий бойликларни кирим-чиқим бухгалтерия ҳужжатлари, рўйхатдан ўтказиш
(инвентаризация) далолатномалари ва йиғма ҳисоб ҳужжатлари хизмат қилади. Улар
қаторига қуйидагилар киради:
– дастлабки ҳужжатлар (талабномалар, моддий
бойликларни бериш хақидаги нарядлар, банк топшириқномалари, кирим, чиқим ва
касса ордерлари, маҳсулотни олиб чиқиб
кетиш учун берилган рухсатномалар, транспорт ҳужжатлари, товарни рўйхатдан
чиқариш далолатномалари, товарларни қайта баҳолаш, таъмирлаш объектларининг
ҳисоб-китобини олиб бориш далолатномалари, тўлов қайдномалари,
топшириқномалари, квитансиялари ва бошқалар);
– жамлаш ҳужжатлари (ҳисоб регистрлари ва
уларга мансуб булган журналлар, айланма қайдномалар, ҳисобга олиш варақалари,
бош китоблар, баланс ҳисоботлари, мол-мулкни руйхатдан ўтказиш далолатномалари,
товар-пул маблағлари мавжудлиги ҳақидаги руйхат қайдномалари, солиштириш
қайдномалари гуруҳлантириш қайдномалари, жамлаш ва гуруҳлантириш жадваллари,
шахсий ҳисоблар, ордер ва бошқалар);
– автоматлаштирилган ҳисобот маълумотлари
(магнитли ахборот йиғувчи диск ва тасмалар, машинограмма, табуляграммалар,
механизациялашган ҳисобга ҳужжатларни топшириш ва қабул қилиш ҳақидаги
журналлар, назорат рақамлар журналлари ва бошқалар).
Бундан ташқари, суд-бухгалтерия экспертизаси
объектлари қаторига тафтиш ва текширув далолатномалари (текширув услуби
асосланганлиги ҳақида масала қўйилган тақдирда), моддий жавобгарлик юклатилган
шахсларнинг тушунтириш хатлари, юқори турувчи идораларнинг қарорлари,
қимматбаҳо бойликлар билан ҳаракат қилинганлиги ҳақида маълумотномалар,
билдириш хатлари, баъзи бошқа экспертизаларнинг (товаршунослик, қурилиш,
технологик, хатшунослик экспертизалари) хулосалари, экспертиза қилинаётган объектга
тааллуқли бўлган айбланувчиларнинг кўрсатмалари, тинтув ва олиб қўйиш
баённомалари, норасмий олиб борилган ҳисоб ҳужжатлари киради.
Суд-молия-кредит экспертизаси
Пул маблағлари фондларини шаклланиши ва
сарфланиши, кредит маблағларини тақсимланишини асослилиги акс этган, яъни
молия-кредит жараёнларини (операцияларини) ўзида акс эттирган ҳужжатларни
тадқиқ этиш, ҳамда йўл қўйилган қонунбузарлик ҳолатларини аниқлаш
суд-молия-кредит экспертизаси предметидир.
Молия-кредит операцияларини акс эттирувчи
қуйидаги ҳужжатлар суд-молия-кредит экспертизасининг объекти ҳисобланади:
1) узоқ муддатли иқтисодий меъёрлар ҳужжатлари, меъёрлар, ставкалар, лимитлар, дотациялар,
муассасалар, банк ва муассаса ўртасидаги кредит шартномалари;
2) кўрсаткичларни асословчи ҳисоб-китоблар илова
қилинган молиявий режалар (даромад ва ҳаражатлар баланси);
3) бухгалтерия ҳисоб-китобининг дастлабки ва
жамлама ҳужжатлари, товар-транспорт юк-хатлари, банк кўчирмалари билан бирга
тўлов далолатномалари, кредит ажратиш, маҳсулот етказиб бериш шартномалари,
аккредитив аризалар, ҳисоб-фактуралар, юк хатлар, тўлов далолатномалари, журнал
ордерлари, бош китоб, баланс ҳисоботи ва бошқалар;
4) ишлаб чиқариш ва маҳсулот таннархи бўйича
бухгалтерия ва статистика ҳисобот ҳужжатлари.
Ушбу экспертиза қуйидаги масалаларни ҳал этади:
– ишлаб чиқаришни, фан ва техникани, ижтимоий
ривожлантириш, моддий рағбатлантириш каби иқтисодий барқарорлаштириш фондларини
тўғри шаклланганлигини аниқлаш;
– корхона(ташкилот)нинг кредит маблағларига
бўлган талабини асослилигини аниқлаш.
Суд-молия-кредит экспертизаси банк томонидан
берилган кредит шартларига корхоналар томонидан амал қилиниши ва банк томонидан
қўлланилган санкцияларнинг асослилиги: ссуда мажбуриятларини таъминланганлиги,
улардан самарали фойдаланиш ва ўз вақтида сўндирилиши каби масалалар ҳам ҳал
этилади.
Меҳнат иқтисодиёти суд экспертизаси
Иш хақи фондларини меъёрдан ортиқча сарфланиши, меҳнат ресурсларидан самарасиз фойдаланишига оид далилларни аниқлашда меҳнат иқтисодиёти суд экспертизасидан фойдаланишни тақозо этади.
Меҳнат иқтисодиёти суд экспертизасининг предмети бўлиб, меҳнат ва иш ҳақи тўловлари ҳужжатларидаги иш ҳақини тўлаш, уларни ҳисоботларда тўғри акс этиши, меҳнат ва иш ҳақини режалаштиришдаги қоида бузилиш ҳолатларини аниқлаш ҳисобланади.
Суд-меҳнат иқтисоди экспертизаси объектлари бўлиб қуйидагилар ҳисобланади:
а) иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш режалари (техник иқтисодий режа меъёрлари, меҳнат ва ходимлар бўйича режалар, иқтисодий барқарорлаштириш фонди режалари) кўрсаткичлари, асословчи ҳисоб-китоблари билан;
б) режалаштириш ва режа кўрсаткичлари ўзгаришлари бўйича ҳужжатлар, иш ҳақи фонди ва моддий рағбатлантириш фонди режалари, фаолият турлари, чораклар бўйича йиллик тасдиқланган ҳолда;
в) бирламчи ҳужжатлар (буйруқлар, ишга қабул қилиш, бошқа ишга ўтказиш, меҳнат шартномасини бекор қилиш бўйича кўрсатмалар, шахсий варақалар, меҳнат таътилига чиқиш бўйича буйруқлар, иш ҳақи ва иш соати бўйича табеллар, тўлов, ҳисоб-китоб қайдномалари);
г) ўтказилган текшириш ҳужжатлари (бажарилган ишларни назорат ўлчов далолатномалари);
д) йиғма ҳужжатлар (йиғма табеллар, бригадалар бўйича ойлик иш ҳақи ҳисоб-китоблари, цех-участкалар бўйича ҳисобланган мукофот қайдномалари);
е) меҳнат бўйича иқтисодий кўрсаткичларни бажарилиши бўйича давлат статистика ҳисоботлари ҳужжатлари.
Суд-режали-иқтисодиёт экспертизаси,
Иқтисодиёт соҳадаги жиноят ишларини тергов қилишда режали иқтисодий
кўрсаткичлар ва шартнома мажбуриятларининг асосли бажарилганини аниқлаш керак
бўлади. Содир бўлаётган ўзгаришларга қарамай суд-режали иқтисодиёт экспертизасини
ўтказишга бўлган талаб сақланиб келмоқда. Солиқ ва бошқа кўрсаткичларнинг
миқдори билан боғлиқ бўлган иқтисодий кўрсаткичларнинг бажарилиши ҳақидаги
ҳисоботни бузиб кўрсатиш ва шартнома мажбуриятлари бажарилмаганда
молиявий–хўжалик фаолиятига тегишли маълумотлар ҳужжатларда нотўғри акс этиш
натижасида моддий зарар етказилган ҳолларда мазкур экспертиза ўтказилиши
мумкин.
Шартнома, ишлаб чиқариш фаолиятининг иқтисодий кўрсаткичларини асосли
режалаштириш, уларнинг бажарилиши ва ҳисоботда акс этиши, шунингдек, булар
ҳақида ҳисобот тайёрлашда бузилишга йўл қўйилган ҳолатлар ҳақида маълумотларни
аниқлаш мақсадида режалаштириш, бажариш ва ҳисобот ҳужжатларини текшириш
суд-режалииқтисодиёт экспертизасининг предмети ҳисобланади.
Суд-режали иқтисодий экспертизасининг объекти қуйидагилардир:
а) режа тузиш учун керак бўлган дастлабки маълумотлар акс этган ҳужжатлар,
шартнома, буюртма, меъёр ва лимитлар;
б) асосланган кўрсаткичларнинг ҳисоб-китоблари илова қилинган иқтисодий ва
ижтимоий ривожланиш режаси (маҳсулот ишлаб чиқариш ва уни сотиш, капитал
қурилиш, маҳсулот таннархи, моддий-техник таъминотнинг жадваллари,
ҳисоб-китоблари ва бошқалар);
в) ишлаб чиқариш бўлинма томонидан белгиланган, режа кўрсаткичлари акс
этувчи ҳужжатлар (бир йил ва чоракларда саноат маҳсулотини ишлаб чиқариш
режасининг ҳисоб-китоби, йиллик маҳсулотнинг ички таннархи режаси, цех бўйича
ҳаражатлар сметаси, асбоб ускуналарни сақлаш ва ишлатиш сметаси ва бошқалар);
г) топшириқни бажариш пайтида амалга оширилган хўжалик операциялари
бевосита акс этувчи дастлабки ва жамлама ҳужжатлар (шартномалар,
товар-транспорт юкхатлари, ортиб юборилган маҳсулотларнинг тўлов талабномалари,
банк кўчирмалари, бажарилган ишларни қабул қилиш ҳақида далолатномалар, журнал
ордерлари ва бошқалар);
д) иқтисодий кўрсаткичлар бажарилганлиги акс этувчи статистик ва
бухгалтерия ҳисоботи ҳужжатлари (баланс, ҳисобот ва бошқалар).
Суд-режали-иқтисодиёт экспертизаси нафақат ишлаб чиқариш фаолиятини
режалаштириш, балки топшириқ режаларига киритилган ўзгартиришлар асосли
эканлигини ҳам аниқлаб беради.
Ташқи савдо фаолиятининг суд-иқтисодий экспертизаси
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият юритаётган хўжалик юритувчи субъектларнинг
чет эл давлатлардаги жисмоний ва юридик шахслар билан товар, ишлар
(хизматлар)ни импорт ва экспорт қилиш бўйича амалга оширилган хўжалик
операциялари бўйича янги далилларни ёки текширувлар натижасида белгиланган
ўхшаш далилларнинг ишончлилиги ҳамда йиғилган ҳужжатлар асосида шубҳа
туғдирадиган бошқа омилларни аниқлашга эҳтиёж туғилганда ташқи савдо
фаолиятининг суд-иқтисодий экспертизаси ўтказилади.
Ташқи савдо фаолиятининг суд-иқтисодий экспертизаси предмети – Ўзбекистон
Республикасида фаолиятни амалга ошираётган корхоналар – табиий монополия субъектлари,
давлат маблағларини жалб этган бошқа мулкчилик шаклидаги ташкилот ва
корхоналар, уларнинг филиаллари ва ваколатхоналари, давлат улуши бўлган корхона
ва ташкилотлар томонидан тузилган импорт шартномалари ҳамда Ўзбекистон
Республикасидан ташқарига сотиладиган товар ва ишлар (хизматлар) учун ташқи
савдо қилиш соҳасидаги контрактларни, уларнинг ўзгартиш ва қўшимчаларини
расмийлаштириш йўли билан амалга ошириш борасидаги ташқи савдо фаолиятини
ўрганиш ҳисобланади.
Ташқи савдо фаолиятининг суд-иқтисодий экспертизаси объекти бўлиб, товар ва ишлар (хизматлар), ҳар қандай
мол-мулкка (интеллектуал мол-мулкдан ташқари) нисбатан ташқи иқтисодий фаолият
доирасида молия-хўжалик операцияларни амалга ошириш бўйича ахборотни ўз ичига
олган ҳужжатларда акс эттирилган маълумотлар ҳисобланади, қонун ҳужжатлари
билан ташқи иқтисодий фаолиятда фойдаланиш учун тақиқланган маълумотлар бундан
мустасно.
Ташқи савдо фаолиятининг суд-иқтисодий экспертизасини ўтказиш учун қуйидаги
масалалар қўйилиши мумкин:
– шартнома мажбуриятларига амал қилиш бўйича экспорт ва импорт
шартномаларни баҳолаш;
– божхона юк декларацияси(БЮД)ни
расмийлаштириш тартибига риоя қилиш;
– товар, ишлар (хизматлар)ни олиб чиқиш ва олиб кириш бўйича ҳужжатларни
расмийлаштириш қисми бўйича Ўзбекистон Республикаси божхона қонунчилигига риоя
қилиш;
– суд-тергов идоралари томонидан ваколатли органлар (Ўзбекистон Республикаси
ИССВ, Ўзбекистон Республикаси МБ ва бошқалар)дан олинган расмий нархлар тўғрисида
маълумотларни тақдим этишни ҳисобга олган ҳолда жаҳон нархлари даражаси билан
таққослаганда экспорт ва импорт шартномаларида кўзда тутилган нархларнинг ошиши
(камайиши)ни белгилаш;
– муайян сана ҳолатига валюта курсини қўллаш ва миллий валюта (сўм)
миқдорини чет эл валютасига қайта ҳисоблашнинг тўғрилиги;
– ташқи савдо олди-сотди шартномаси асосида олинган/ импорт (экспорт)
қилинган товарлар сони ва қийматини белгилаш;
– ташқи савдо олди-сотди
шартномасини бажариш доирасида пул маблағлар ва ҳисоб-китобларнинг ҳисобини
юритиш ва ҳаракатланиш системасини белгилаш (валюта тушумининг ўз вақтида
тушиши);
– бирламчи ҳужжатлар бўйича товарларнинг ассортименти, русуми, техник
тафсилоти ва сони бўйича шартномаларнинг шартларига мувофиқлигини аниқлаш;
– ташқи савдо шартномаларида кўзда тутилган ҳужжатларнинг мавжудлиги ва
уларнинг тўғри расмийлаштирилиши;
– етказиб берувчининг ҳисоб-фактураси бўйича ўринлар сони ва товар
вазнининг транспорт ҳужжатларда, тасниф ва сертификатларда келтирилган ўринлар
сони ва товар вазнига мувофиқлиги;
– ҳисоб-фактурасида кўрсатилган нархлар, чегирма ва х.к. ларнинг ташқи
савдо шартнома шартларига мувофиқлиги;
– тариф ва нотариф тартибга солиш соҳасида корхонага тақдим этилган
имтиёзларни қўллашнинг асосланганлигини аниқлаш (валюта қонун ҳужжатларини ижро
этиши);
– ташқи иқтисодий хўжалик операцияларнинг бухгалтерия ҳужжатларида акс
эттирилиши бухгалтерлик ҳисобини юритиш ва ҳисоботни тузиш бўйича амалдаги
меъёрий ҳужжатларнинг талабларига мувофиқлиги;
– шартномада кўзда тутилган томонларнинг шартнома шартларини лозим даражада
бажариш бўйича жавобгарликни бажариш (қўллаш)нинг тўғрилиги.
Суд-товаршунослик экспертизаси.
Суд-товаршунослик экспертизасининг моҳияти маҳсулотларнинг товар (истеъмол)
хусусиятлари муайян сифатини аниқлаш мақсадида махсус билимлар ёрдамида
текширишдан иборат.